Бошланғич тайёргарлик босқичида ёш яккакурашчилар машғулот юкламаларини меъёрлаштириш - файл

приобрести
скачать (72.3 kb.)


БОШЛАНҒИЧ ТАЙЁРГАРЛИК БОСҚИЧИДА ЁШ ЯККАКУРАШЧИЛАР МАШҒУЛОТ ЮКЛАМАЛАРИНИ МЕЪЁРЛАШТИРИШ

(миллий кураш мисолида)

Ёш авлодни жисмонан соғлом ақлан етук бўлиб ўсишида жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамияти каттадир. Республикамизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасида қаралмоқда. Бу борада қабул қилинган қонунлар Жисмоний тарбия ва спорт ишларини ривожлантиришга кенг йўл очиб бермоқда.

Мустақиллик шарофати билан ўзбек кураши оламшумул мавқега эга бўлди. Курашнинг жаҳондаги янги спорт тури сифатида шиддат билан оммалашуви, жаҳон цивилизациясига ўз ҳиссасини қўшиб, умуминсоний қадриятга айланиши – жаҳон аҳлига насиб этган буюк бир туҳфадир(1, 2).

Халқ ҳаракатли ўйинлари азал-азалдан ёш авлодни соғлом, ақлан етук комил инсон бўлиб тарбия топишида ҳизмат қилган. Бугунги кунда деярли барча спорт турларида ёш спортчиларнинг жисмоний сифатларини ривожлан-тиришда самарали восита вазифасини ўтамоқда.

Халқ ҳаракатли ўйинларини ёш спортчиларнинг куч сифатини ривожлантирувчи самарали восита эканлигини қатор мутахассислар ўз манбаларида тавсия этишган (3, 144 бет; 4, 64 бет; 5, 82 бет; 6, 48 бет). Бироқ 11-13 ёшли курашчиларнинг жисмоний сифатларини ривожлантиришда восита сифатида қўлланиладиган халқ ҳаракатли ўйинларининг қўлланилиш шиддати ва ҳажми меъёрлари борасида етарлича илмий изланишлар олиб борилмаган.

Тадқиқот ишимизни мақсади ёш курашчиларнинг жисмоний сифатларини ривожлантиришда халқ ҳаракатли ўйинларини саралаб, қўлланилиш шиддати ва ҳажми меъёрларини ишлаб чиқиб самарадорлигини тажрибада асослаш.

Тадқиқот ишимизда илмий-услубий адабиётлар таҳлили, анкета сўровномаси, курашчиларнинг махсус жисмоний тайёргарлигини аниқловчи тест (СПУДЭРГ-4), педагогик тажриба, математик статистик усулларидан фойдаландик.

Тажрибалар Бухоро шаҳардаги 12-сон олимпия ўринбосарлари махсус спорт мактаб интернатининг бошланғич тайёргалик босқичида 9 ой давомида ўтказилди. Тадқиқотларимизда 80 нафар ёш курашчилар иштирок этди.

11-13 ёшли курашчиларнинг жисмоний сифатларини ривожлантиришда қўлланиладиган халқ ҳаракатли ўйинларини саралаб олиш мақсадида вилоятимизнинг турли туман ва қишлоқларида фаолият кўрсатувчи 88та ҳар хил тоифадаги мураббийлар ўртасида анкета сўровномаси ўтказилди. Респондентлар орасида Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган мураббийлардан Х.Мубореков, А. Содиқов, Ж.Б. Жўраев, Ш. Хўжаев ва бошқалар ўзларининг фикр мулоҳазаларини билдирдилар.

Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 77% ёш курашчиларнинг куч сифатини ривожлантиришда “Тўпни эгаллаш”, “Тарвуз отиш эстафетаси”, “Қаторлар ўртасида тортишув”, “Ҳўрозлар жанги”, “Аравачалар мусобақаси” ва бошқаларни энг самарали халқ ҳаракатли ўйинлари сифатида тавсия этишди.

С.В.Хрушев (8, 124 бет) маълумотлардан фойдаланиб жисмоний машқлар билан шуғулланганда чарчашнинг ташқи белгилари бўйича халқ ҳаракали ўйинларининг қўлланилиш шиддати ва ҳажми меъёрларини ишлаб чиқдик.

Куч сифати курашчи ғалабага эришишини таъминловчи жисмоний сифатлардан бири саналади (7, 108 бет). Шуларни ҳисобга олган холда ёш курашчиларнинг куч сифатини самарали ривожлантиришда халқ ҳаракатли ўйинларини қўлланилиш шиддат ва хажми меъёрларини белгилаб олдик.

Жисмоний сифатларни ривожлантиришда халқ ҳаракатли ўйинларини машғулотларнинг тайёргарлик қисмида чигилёзди машқларидан сўнг, шуғулланувчиларнинг ЮҚС дақиқада 116-124 зарба атрофида бўлганда қўллаш мақсадга мувофиқ.

“Тўпни эгаллаш”ўйинининг меъёри. Ўйин 90-120 сония вақт оралиғида давом этади. Ўйиннинг энг қизиган вақтида шуғулланувчиларнинг ЮҚС кўрсаткичи дақиқада 140-160 зарба атрофида бўлади. Мазкур ўйинни 11-12 ёшли курашчиларда 2-3 марта, 13 ёшли курашчиларда эса 4-5 мартадан такроран қўлланилади. Асосан ушбу ўйинни ўйнаш жараёнида 11-12 ёшли курашчиларда кўпроқ чарчаганлик ҳақида шикоят, қўлларда толиқиш пайдо бўлганлиги, юрак уриши ва нафас олишнинг тезлашиши ва ҳ. к. кузатилди. Дам олиш вақти 60 сонияни ташкил этади, дам олиш тури эса фаол. Дам олиш вақтини 60 сония деб белгилаб олишимизга сабаб шундаки, 40-45 сония вақт ичида шуғулланувчиларнинг ЮҚС дастлабки холатга нисбатан яқинлашмади.

“Тарвуз отиш эстафетаси”ўйини асосан эстафета шаклида эмас курашга мослаштирилган вариантда қўлланилди. Ўйиннинг энг қизиган вақтида шуғулланувчиларнинг ЮҚС дақиқада 140-160 зарба атрофида бўлади.

Ўйин хажмини меъёрлаш қуйидагича амалга оширилди. 11-12 ёшли курашчиларларда ўйин 4-5 марта, 13 ёшли курашчиларда эса 6 марта қўлланилганда шуғулланувчиларда толиқиш, юрак уриши ва нафас олиши тезлашиши, ўйинда белгиланган ҳаракатларни бажаришда хатоликлар сонининг ортиб бориши, ҳар икки ўйинчида ҳам тўлдирма тўпларни ерга тушириб юбориш холатлари кўп кузатила бошлади. Шунга асосланиб 11-12 ёшли курашчилар ўйинни 2-3 марта, 13 ёшли курашчиларда эса 4-5 мартагача такроран қўллаш меъёрланди.

“Ҳўрозлар жанги” ўйинининг давом этиш вақтида шуғулланувчиларнинг ЮҚС дақиқада 140-160 зарба атрофида бўлади. 60 сония дам олиш вақтида курашчиларнинг ЮҚС дақиқада 124-132 зарбага яқинлашгандан сўнг ўйинни такроран қўллаш мумкин.

Ўйинни 2-3 мартадан кўп 11-12 ёшли курашчиларда, 13 ёшли курашчиларда 6–марта такроран қўлланилса шуғулланувчилар ҳаракат уйғунлигининг йўқотилиши, оёқларда қалтираш, иккинчи оёқнинг ерга қўйиб юборилиш холатлари баъзи холларда шуғулланувчиларнинг ўзларида чарчаш тўғрисида шикоят бўлмаса ҳам, лекин уларнинг нафас олишлари ўта тезлашиб кетганлиги ва ЮҚС тезлашиб кетганлиги сабабли меъёрлар шу тарзда белгиланди. Ўйин 11-12 ёшли курашчиларда 2-3 марта, 13 ёшли курашчиларда эса 4-5 мартадан такроран қўлланилиши меъёрланди. Ўйинни давом этиш вақти 90-120 сонияни ташкил этади.

11-12 ёшли курашчиларда 2-3 марта ўйин қўлланилганда шуғулланувчилар ўзларини яхши хис этдилар, толиқиш тўғрисида шикоятлар бўлмади, нафас олиш тезлиги ҳам кўзда тутилган даражада бўлди. 4-марта ўйин қўлланилганда эса шуғулланувчилар қўл ва оёқ мускулларининг толиқиши, нафас олиш кескин тезлашиши, юракнинг дақиқалик хажми ортиб кетиши кузатилди.

13 ёшли курашчиларда ўйин 2-3 марта такроран қўлланилганди шуғулланувчилар юрагининг қисқариш сони, нафас олиш тезлашганлиги, толиқиш аломатлари кузатилмади, шундан сўнг 4-5 мартагача такроран ўйинни қўллаш меъёрланди.

Ўйинни меъёрлаш вақтида 60 сониядан кам вақт (40-45 сония) дам олиш учун ажратилганда шуғулланувчилар оёқ, қўл мушакларининг тикланиши ва юракнинг қисқариш сони дастлабки ҳолатга нисбатан яқинлашмаганлиги кузатилди. Дам олиш учун 60 сония вақт берилганда курашчлар ЮҚС дастлабки ҳолатга яқинлашди.

“Аравачалар мусобақаси” ўйиннинг энг қизиган вақтида шуғулланувчи-ларнинг ЮҚС кўрсаткичи 140-160 зарба атрофида бўлади. Ўйин 11-12 ёшлиларда 2 марта, 13 ёшли курашчиларда эса 3-4 мартагача қўлланилади. Ушбу ўйиннинг шиддати ва ҳажми меъёрларини аниқлашда юқоридаги ўйинларда кўрсатилиб ўтилган ҳолатларга таянилди. Бунда биз ўйин вақтида фаол ишлайдиган асосий мушаклар фаолиятини кузатдик. Ўйинни меъёрлаш давомида 11-12 ёшли курашчиларда 3 марта қўлланилганда шуғулланувчилар-нинг қўлларида қалтироқ, юрак уриши ва нафас олиш тезлашиши, қўлларда юриб белгиланган масофани босиб ўтишда юра олмасдан тўҳтаб қолиш холатлари ҳам бўлди.

11-12 ёшли курашчилар 2 марта, баъзи машғулотларда 3 марта шуғулланувчиларнинг жисмоний тайёргарлиги холатини ҳисобга олган холда қўллаш мақсадга мувофиқ.

Шундай қилиб 11-13 ёшли курашчиларнинг куч сифатини ривожлантиришда машғулот жараёнига қўлланилиш шиддати ва ҳажми меъёрланган халқ ҳаракатли ўйинларини тадбиқ этиш самарадорлиги қуйидагича бўлди.

Ўтказилган педагогик тажрибадан сўнг назорат гуруҳи 11 ёшли курашчи-ларининг ўнг оёқда ёндан бажарган зарба кучи 1,76 кг, 9,5%га, тажриба гуруҳида эса натижалар бирмунча юқорироқ 5,85 кг.га, яъни 32,2% га ўсганлиги маълум бўлди (р<0,001).

Йил сўнгида назорат гуруҳида шуғулланувчи 12 ёшли курашчилар чап оёқда ёндан зарба кучини 2,55 кг.га оширишга эришганлар, тажриба гуруҳида шуғулланувчи курашчиларда эса 6,08 кг, йиллик ўсиш гуруҳ ичида 35,1% ни ташкил этди. Назорат гуруҳига нисбатан солиштирилганда 17% га, 3,4 кг.га юқори натижалар қайд этилган (Р<0,005). Ўнг оёқда ёндан бажарилган зарба кучи педагогик тажрибадан сўнг назорат гуруҳи курашчиларига нисбатан тажриба гуруҳида 19,8% га ошган.

Турган жойида қўлни ишлатмасдан узунликка сакраш яъни оёқ кучининг йиллик ривожланиши бўйича энг юқори натижа тажриба гуруҳида 13 ёшли курашчиларда аниқланди 16 см, 12,4%. Мазкур сифатнинг ортиши бўйича аниқланган энг паст кўрсаткич 12 ёшли курашчиларда эканлиги маълум бўлди (9 см).

12 ёшли назорат гуруҳи курашчилари полга ётган холда, қўлларга таяниб, букиб-ёзиш назорат машқини бажаришда 1,85 мартага яъни 10,1%га, тажриба гуруҳи курашчиларида 21,5%га, 3,90 мартага ошганлиги аниқланди. Ушбу кўрсаткич бўйича ўзгаришлар 13 ёшли курашчиларнинг тажриба гуруҳида назорат гуруҳи натижаларига нисбатан 13,5%га юқори экан.

Бошланғич тайёргарлик босқичида ёш курашчиларнинг куч сифатини ривожлантиришда машғулот жараёнига халқ ҳаракатли ўйинларининг татбиқ этилиши самарадорлиги тажриба ва назорат гуруҳи курашчилари томонидан қайд этган натижаларда ўз аксини топган.

Халқ ҳаракатли ўйинларинафақат ёш курашчиларнинг куч сифатини ривождантиришда балки бокс, таэквондо, қиличбозлик ва кураш спорт турлари билан шуғулланувчи ёш яккакурашчиларнинг жисмоний сифатларини ривожлантиришда ҳам самарали восита вазифасини ўтайди деб фирк юритишимиш ўринлидир.





БОШЛАНҒИЧ ТАЙЁРГАРЛИК БОСҚИЧИДА ЁШ ЯККАКУРАШЧИЛАР МАШҒУЛОТ ЮКЛАМАЛАРИНИ МЕЪЁРЛАШТИРИШ
Учебный материал
© nashaucheba.ru
При копировании укажите ссылку.
обратиться к администрации